Қорақалпоғистонда нечта “Нуронийлар маскани” қурилган?

05.12.2021 15:36:39 597 Баспаға шығарыў

Кекса авлод вакилларини қадрлаш, эҳтиром кўрсатиш ва ҳар бир эзгу ишда уларнинг ҳаётий тажрибасига таяниб, дуосини олиш қон-қонимизга сингиб кетган қадриятлардан саналади. Юртимизда шу йилнинг октябрь ойида “Кексалар ҳафталиги”,  ноябрь ойида  “Кексалар туризм ойлиги” ўтказилиб, фахрийларни йўқлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш,  зиёратгоҳлар, диққатга сазовор жойлар ва музейларга саёҳатларини уюштириш каби кенг қамровли тадбирларнинг ташкил этилгани ана шу асл қадриятларимизнинг бардавомлигини тасдиқлайди.

Қиш фасли ҳам Оролбўйида нуронийларни эъзозлашга қаратилган эзгу ишлар билан бошланди. Кегейли туманида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг маъмурий биноси ҳамда “Нуронийлар маскани” учун янги иншоот қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ушбу “Нуронийлар маскани”  учун 1 млрд. 864 млн. сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари “Нукус қурилиш монтаж” масъулияти чекланган жамияти  томонидан амалга оширилди.

Янги масканнинг очилиш маросимида нуронийлар номидан Бердибай Саманов рамзий калитни тантанали равишда қабул қилиб олди.

— Мазкур “Нуронийлар маскани”ни кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин бир ифодаси, дейиш мумкин, — дейди Кегейли тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Сейтимбетов. — Бу ерда кексаларимиз учун қатор қулайликлар яратилди. Кутубхона, намоз ўқиш хоналари ҳам ташкил этилди.

Маълумот ўрнида келтириш жоизки, Кегейли туманидаги “Нуронийлар маскани”  Қорақалпоғистонда барпо этилган бешинчи бино бўлди. Бунга қадар Шуманай, Қонликўл, Амударё, Нукус туманларида ҳам шундай масканлар янгидан қурилган эди. Нукус шаҳри ва 2 та туманда “Нуронийлар маскани” бўш бинога жойлаштирилган бўлса, Қораўзак, Тўрткўл, Элликқалъа туманларида янги биноларни қуриш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

05.12.2021 15:36:39 598