Шавкат Мирзиёев грант асосида ўқиган талабаларни камбағаллик даражаси юқори бўлган ҳудудларда 3 йил ишлашга жўнатишни таклиф қилди

10.06.2020 09:28:25 822 Баспаға шығарыў

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь, сешанба куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда давлат раҳбари Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди. Давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабалар 3 йил муддатга шундай ҳудудларга меҳнат фаолияти учун йўналтирилиши таклифи билдирилди.

Таъкидланишича, 8 июнь куни қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сони 24 тадан 67 тага кўпайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил якунига қадар Андижонда 40 724 та оилани, Фарғонада 43 мингта оилани камбағалликдан чиқариш, Ўзбекистонда саноат соҳасида 145 минг камбағал аҳолини ишга жойлаштириш режалаштирилган.

дерек: kun.uz

 

10.06.2020 09:28:25 823