Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади

30.11.2023 12:55:21 175 Баспаға шығарыў

Бозор иқтисодиётининг самарали амал қилиши учун етарли иқтисодий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, рақобатни ҳимоя қилиш, шу билан бирга, инфляция, ишсизлик, монополия каби бозорнинг салбий оқибатларини бартараф этиш давлатнинг муҳим вазифаларини ташкил этади.

Конституция миллий иқтисодий тизимнинг фундаментал асосларини белгиловчи энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 65-моддасида иқтисодий сиёсат мазмунини аниқлаштириш ва бойитишга қаратилган қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилган:

биринчидан, «Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади», норма Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий давлат сифатида белгилиниши билан узвий боғлиқликни ташкил этади.

«Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» деган асосий мақсадни амалга оширишга қаратилган ушбу вазифанинг Конституцияда белгиланиши доимий иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали аҳоли учун ҳар томонлама фаровон турмуш шароитларини яратишни назарда тутади. Ўз навбатида, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида қилинган ҳар қандай ҳаражат билвосита иқтисодиёт ривожланишини ҳам таъминлайди;

иккинчидан, миллий иқтисодиётимизда ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, шу асосда мамлакатимизни тараққий эттириш учун тадбиркорларга бундан буён хәм барча шароитларни яратиш давлат иқтисодий сийсатининг устувор йўналишига айланаши лозим.

Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 65-моддасига «давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратади», деган қоиданинг киритилиши билан иқтисодиётни тартибга солиш бўйича давлатнинг бош вазифалари белгиланган.

Ҳақиқий бозор муносабатлари – иқтисодий эркинликни, давлат аралашувини чеклашни, мулк дахлсизлигини ва барча соҳаларда тенг ва ҳалол рақобатни талаб этади.

Мазкур норманинг киритилиши тадбиркорлар эмин-эркин, даромадига биров «шерик» бўлишидан қўрқмасдан фаолият юритишини, давлат ва тадбиркор ўртасидаги мулоқот қонун талаби ва бозор принциплари асосида амалга оширилишини ҳамда ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳити яратилишини таъминлайди.

Б.Досымбетов

Нукус туманлараро маъмурий суди раиси

30.11.2023 12:55:21 176