ҲАЛОЛЛИК — АДОЛАТ СЎЗИ БИЛАН УЙҒУНДИР

24.11.2023 15:46:52 88 Баспаға шығарыў

Коррупция… Бу ўзига хос  мураккаб ижтимоий-иқтисодий-сиёсий ҳодиса бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омиллари бўлмиш тинчлик, осойишталик, фаровонлик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларни йўқ қилади, миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Коррупция ортидан келиб чиқадиган барча оқибатлар мамлакат ривожига улкан тўсиқни пайдо қилади.

Яширадиган жойи йўқ,  бугунги ҳаётимизга оғриқ бериб турган коррупция аталмиш бу яра   — жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Коррупционернинг ягона мақсади эса битта:  пора олиб, бериб ва унда воситачилик қилиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, мансаб ваколатидан четга чиқиб, фойдаланиб,  талон-тарож қилиб,  давлат қонунларини ҳар қандай йўл билан айланиб ўтиб, коррупцион жиноятлари ортидан катта миқдорда моддий бойликларга эга бўлишдир.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЭНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакат тараққиётининг энг муҳим йўналишлари белгиланган Ҳаракатлар стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида бевосита коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Барча соҳалар қатори суд соҳасида ҳам коррупция иллатларини йўқ қилиш ва унинг ривожланишига йўл қўймаслик мақсадида коррупциявий ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш, уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини, шунингдек, унга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, коррупцияга қарши курашишда уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш, яъни унинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар вақт ва натижадорлик нуқтаи назаридан анча самарали ҳисобланади. Шу боис, соҳада коррупцияга қарши қаратилган ташкилий ва ҳуқуқий асосларни яратиш, мавжудларини замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унга қатъий риоя қилиш, зарур маънавий-маърифий тадбирларни, шу жумладан фуқароларнинг ушбу соҳадаги билимини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кутилган натижаларга эришишга имкон яратади.

ҲАР БИР ФУҚАРОГА ДАХЛДОР ҲУЖЖАТ

Ўзбекистон Республикасида 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда бу иллатга қарши курашнинг ҳуқуқий механизми яратилган бўлиб, у давлат ва жамият тақдири, халқ келажагига, қолаверса, ҳар бир фуқарога дахлдор бўлган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам ҳисобланади.

ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан 4 та муҳим омилга, яъни — қонун устунлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”. Дарқақиқат, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқий жавобгарликни белгилашдан иборат эмас. Бунинг учун, қонун устунлигини таъминлайдиган механизмларни кучайтириш ва давлат органларининг институционал салоҳиятини ҳам кучайтириш зарур. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда қонун ҳужжатларида суд-ҳуқуқ соҳасида коррупцияга барҳам бериш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мақсад ва вазифалари аниқлаштирилди. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.  Шунингдек, чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, унинг нуфузини ошириш ҳамда судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, уларни танлаш, тайинлаш тизими такомиллаштирилди. Судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Судьялар олий кенгаши таркибида судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилди. “Ибратли судья” мукофоти жорий этилди. Суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тартиби ҳамда судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланди; бешинчидан, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган халқчил тамойил асосида барча поғонадаги мансабдор ва масъулларнинг одамлар ичига кириб бориш, уларнинг муаммоларини уйма-уй юриб ҳал этиш тизимининг жорий этилгани коррупцияга қарши курашишда ўзининг самарасини бера бошлади.

 

Жумабаев Руслан Тажимуратович

Нукус туманлараро

маъмурий суди судьяси                            

 

24.11.2023 15:46:52 89