КЕЛИШУВ БИТИМИ ШАКЛИ ВА МАЗМУНИ

20.07.2023 15:29:12 306 Баспаға шығарыў

Тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин. Тарафларнинг келишуви ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилади.

Тарафларнинг келишувига фақат жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

Тарафларнинг келишуви фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкин.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланади.

Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва уни тузган шахслар томонидан имзоланади.

Келишув битими албатта ижро этилишга оид талабларга жавоб бериши ҳамда унда мажбуриятларни бажаришнинг тарафлар томонидан келишилган шартлари, тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар, шунингдек суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши керак.

Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.

Келишув битими суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масалага нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги Кодексда белгиланган умумий тартибда ҳал этади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган нусхаларда тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.

 

 

Жумабаев Руслан Тажимуратович

Нукус туманлараро

маъмурий судининг судьяси                   

20.07.2023 15:29:12 307