Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий санитария ёрдам муассасалари фаолиятига мутлоқо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳатлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сон Фармони ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 14 ноябрдаги 302-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кегейли тумани ҳокими
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий санитария ёрдам муассасалари фаолиятига мутлоқо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳатлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сон Фармони ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 14 ноябрдаги 302-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан:
1) қуйидагилар:
мавжуд куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда, энг аввало бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронаж тизимининг мутлақо янги тизимини жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳоли жамоат саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимини яратиш, бу борада авваламбор соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни оширишни тизимли ташкил этиш ҳамда кенг тарғиб қилиш;
соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда рақобат мухитини яратиш, илғор хорижий тажрибага асосан ҳодимларни касбий ривожлантиришнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт илм-фанини ривожлантириш орқали жойлардаги тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш;
тиббиёт ҳодимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини кўпайтириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;
соҳага замонавий менежментини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча ва бюрократик тартиб-тамойилларни қисқартириш, соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда рақамли тиббиётни такомиллаштириш соғлиқни сақлаш тизимини бугунги босқичда ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисобланиши;
2) 2021-2023 йилларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги; бунда қўшимча:
315 та оилавий шифокор пунктлари, шундан 2021 йилда – 100 та, 2022 йилда – 105 та ва 2023 йилда – 110 та;
52 та қишлоқда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан 2021 йилда – 17 та, 2022 йилда – 18 та ва 2023 йилда – 17 та;
33 та шаҳарда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан 2021 йилда – 7 та, 2022 йилда – 13 та ва 2023 йилда – 13 та ташкил этилиши;
қуйидагилар қўшимча оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгиланганлиги:
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун хужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қўшимча ташкил этилаётган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш, уларни малакали ҳодимлар билан таъминлаш ва мазкур Фармонда кўрсатилган чора-тадбирларни улар фаолиятига жорий қилиш бўйича шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилганлиги;
3) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб Қарши давлат университети, Жиззаҳ давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти ва Гулистон давлат университетида тиббиёт факультетлари ташкил қилиниши, шу жумладан, уларда ва бошқа тиббий олий таълим муассасаларида етакчи хорижий тиббиёт олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий қилиниши;
тиббиёт олий таълим ташкилотларининг вилоят тиббиёт муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда клиник базалари ташкил қилиниши ва уларнинг битирувчи курс талабалари ушбу клиник базаларда ўқув амалиётини ўташи;
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлаш тизими жорий қилиниши, бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда техникумлар ва коллежларда оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиши;
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга бириктирилиши, уларнинг ўқувчилари ихтисослигидан келиб чиқиб ушбу муассасаларда амалиёт ўташи;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланганлиги;
4) 2021 йилдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалари шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилиниши;
“Қишлоқ шифокори” дастури доирасида:
тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка худудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари, уй-жойи булмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилиши ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара туловлари Давлат бюджетидан компенсация қилиниши;
олис ва чекка ҳудудлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланииш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари томонидан олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб бўш шифокор иш ўринлари рўйхати тузилиши ва мунтазам янгиланиб турилиши;
мазкур бандда курсатилган имкониятлардан фойдаланиш учун шифокорлар билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ўртасида шартнома тузиб борилиши;
“Қишлоқ шифокори” дастурини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджета ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қуйилганлиги;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига:
бир ой муддатда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги шифокорларга бўлган эҳтиёжларни ва талабгорларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқлаш, уларга уй-жой ажратиш ва маблағ беришни таъминлаш, шунингдек, уларни тиббиёт олий таълим муассасаларида тайёрлаш бўйича қабул параметрларини ошириш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклиф киритиш;
туман ҳокимлари ва тижорат банклари билан бирга ипотека дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларни аввало оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинаётган шифокорлар учун ажратишни таъминлаш топширилганлиги;
Молия вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун келгуси йилда Давлат бюджетидан 20 миллиард сўмгача маблағ ажратиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг мазкур қарори билан:
1) Қуйидагилар:
аҳоли уларнинг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга (таянч, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳи ва бошқалар) бўлинишини;
аҳоли гуруҳ мансублигига кўра белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтади ва саломатлиги даврий кузатувга олинишини;
мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олинади ҳамда уйига борган ҳолда уларга тиббий хизмат кўрсатилади ва индивидуал патронаж амалга оширилишини;
профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий тиббий скрининг текширувлари ўтказилишини;
патронаж кўрикларини мақбуллаштириб, янгиланган мақсадли патронаж тизими жорий килинишини;
умумий амалиёт шифокори мутахассислиги оилавий шифокор этиб қайта номланади, шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасаларидаги фан дастурлари оилавий шифокор тайёрлашга мослаштирилишини;
туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва республика шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йулланма бевосита оилавий шифокор томонидан берилишини;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга имтиёзли рецептлар ёзиб бериш бевосита оилавий шифокор томонидан амалга оширилишини;
оилавий шифокорга ёрдам берадиган терапия, педиатрия, акушерлик, патронаж бўйича ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган “тиббиёт бригадалари” ташкил қилинишини;
профилактика инспекторлари маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда оилавий шифокорларга кўмаклашади, фудароларнинг кечки сайрлари ва спорт уйинларининг хавфсиз ўтказилишини ташкил қилади. Бунда, профилактика инспекторлари маҳаллалардаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичларига қараб ҳар 6 ойда маҳаллий бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантирилишини;
“тиббиёт бригадалари” ўзларига бириктирилган ҳудудларда оилалар ва фуқаролар кесимида “тиббий харита”ни шакллантирилишини;
жойларда тиббий хизмат кўрсатишни соддалаштириш ва рақамлаштириш ҳамда ортиқча қоғозбозликни камайтириш мақсадида “тиббиёт бригадалари” махсус компьютер-планшетлари, мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминланишини назарда тутувчи такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизмати жорий қилинганлигини;
2) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (М.Қурбанов)га:
Молия вазирлиги (М.Содиков), Нукус шаҳар ва Беруний тумани ҳокимликлари билан биргаликда ажратилган маҳаллий бюджет маблағлари доирасида йил якунига қадар такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизматининг устувор равишда тўлиқ жорий қилинишини таъминлаш;
йил якунига қадар аҳоли саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, аҳоли бўлинган гуруҳларнинг аниқ таснифини тасдиқлаш;
икки ҳафта муддатда “тиббиёт бригадалари”ни мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминлаш мақсадида уларнинг аниқ рўйхатини тасдиқлаш топширилганлиги;
3) Шундай тартиб ўрнатилганлиги, унга мувофиқ:
2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланади. Бунда, ушбу чора-тадбирлар мавжуд штат бирликлари доирасида амалга оширилиши;
аҳоли сони ва маҳаллий заруриятдан келиб чиқиб, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рўйхатига мувофиқ оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда туну-кун навбатчи тиббиёт ходими хизмат кўрсатиши;
маҳаллада аҳолининг саломатлиги, ҳудуддаги касалликларнинг ўсиши, аҳолининг шифохоналарга ётиши, шошилинч тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилиши ва бошқалар оилавий шифокорнинг фаолияти натижадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари этиб белгиланиши;
2021 йил 1 январдан бошлаб оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб ушбу ходимлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши;
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бир вақтнинг ўзида кўп тармоқли марказий поликлиника мудири ҳисобланиши;
2021 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғига ажратилаётган маблағлар доирасида, заруриятга қараб, тор соҳа шифокорлари штатларини мустақил белгилаш ваколати берилиши;
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси фаолият дислокацияси бўйича кўп тармоқли марказий поликлиника биносида жойлаштирилиши.
4) Қуйидагилар:
тиббиёт ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган барча турдаги ишларга жалб қилиш;
тиббиёт ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқланганлиги.
Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талаблар бузилган ҳолларда тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилганлиги.
5) Мазкур қарорнинг олтинчи банди билан:
мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилот иш берувчиси ўз ходимларининг тиббий текширувдан ўтадиган куни ушбу тиббий жараёндан ўтишлари учун шахсан масъул ҳисобланиши;
мулкчилик шаклидан катъи назар ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилотга ишга қабул қилинаётган ҳодимлар ўзлари тиббий текширувдан ўтадиган куни тўғрисида иш берувчиларни мажбурий тарзда хабардор қилиши белгилаб қўйилганлиги.
Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (У.Сабуров) Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ушбу талабларнинг иш берувчилар томонидан риоя қилиниши устидан тизимли назорат ўрнатилиши, зарур ҳолларда, уларни бузган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чоралар кўрилишини таъминлаш топширилганлиги.
Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни амалга оширишда ходимлар ва ишчиларнинг меҳнатига оид, бошқа ижтимоий-иктисодий хуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилишда самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш тавсия этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
- Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Н.Ещанов, Қ.Бекимбетов) икки ой муддатда:
маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “тиббиёт бригадалари”ни махсус компьютер-планшетлари ва мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминласин. Бунда, мазкур воситалар ҳариди Ўзбекистан Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона техник талаблар асосида амалга оширилиши инобатга олинсин;
аҳолини хатловдан ўтказиб, уларни бирламчи тиббий-санитария муассасаларига бириктирсин.
- 2021 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг ишчи ва хизматчиларга жароҳат етказиш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ўрнига меҳнат шароитларини махсус баҳолаш тизими жорий этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
махсус баҳолаш жараёнида биринчи навбатда иш ўринларидаги хавфли ва зарарли омилларнинг ҳодим саломатлиги даражасига таъсирини бартараф этишга қаратилади;
махсус баҳоловчи ҳодимлар таркибига олий маълумотга эга бўлган меҳнат гигиенаси мутахассиси мажбурий тарзда киритилади;
махсус баҳолаш фақатгина штат бирлигидаги ходимларида махсус баҳолаш бўйича ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган гувоҳномаси мавжуд ташкилот (юридик шахслар) томонидан амалга оширилади.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (Т.Мухиятдинова) ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ишларини ташкиллаштирсин.
- Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Қ.Бекимбетов зиммасига юклатилсин.
Кегейли тумани ҳокими М.Абдиров