Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021 йил 26 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳар ва туманларда электрон аукцион савдоларига қўйиладиган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини ҳар бир туман (шаҳар) кесимида минимал қийматини тасдиқлаш тўғрисида»ги 57-сонли қарори ҳақида

05.03.2021 17:19:47 226 Баспаға шығарыў

Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4427-сонли  ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги 1023-сонли қарорларига мувофиқ, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланишга беришнинг минимал қийматини белгилаш мақсадида, Кегейли тумани ҳокими

 ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021 йил 26 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳар ва туманларда электрон аукцион савдоларига қўйиладиган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини ҳар бир туман (шаҳар) кесимида минимал қийматини тасдиқлаш тўғрисида»ги 57-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг мазкур қарори билан:

– Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси ҳамда Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан 2021 йилнинг I ярим йиллиги учун тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланиш ҳуқуқи (0,01 га майдон) юзасидан ишлаб чиқилган минимал қиймати бўйича тавсиялари маъқулланганлиги;

– Нукус шаҳар ва туманларда тадбиркорлик субъектларига инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбурият юклаш шарти билан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали 0,01 га ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан беришнинг минимал қиймати иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

– Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг ҳар бир туман (шаҳар) учун минимал қийматини белгилашда ер солиғининг йиллик миқдори,  ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш ишларининг қиймати ва ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга оид ҳаражатлар, ер участкасининг жойлашган жойи, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш нуқталарининг мавжудлиги каби мезонлари инобатга олиниши белгиланганлиги;

– Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимларига, Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазирлиги (Ж.Бердиханов), Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (И.Тлеуов), Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (У.Жалилов) билан биргаликда белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш мақсадида аукцион савдоларига чиқарилишини таъминлаш топширилганлиги;

– Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан аукцион савдоларида сотилган ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш ва мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда ер участкасини захирага олиш чораларини кўриш юклатилганлиги;

– Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси (Х.Бекчанов), Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (И.Тлеуов), Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (У.Жалилов), Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига (Б.Мадаминов) бўш ер майдони ва биноларни минимал қиймат баҳосига қатьий риоя қилиниши ҳамда маҳаллий бюджетга пул тушумларини ўз вақтида ва тўлиқ туширилишини таъминлаш топширилганлиги;

– Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармасига (Х.Бекчанов) Нукус шаҳар ва туманлар учун ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қийматини мазкур қарор тасдиқланган санадан эътиборан бир иш куни ичида «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш чорасини кўриш топширилганлиги;

– Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 14 августдаги 217-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланганлиги;

–   Қорақалпоғистон   телерадиокомпаниясига  (Н.Жақсимуратова), Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникация бошқармаси (А.Бекмуратов), Қорақалпоғистон Ахборот агентлигига (Б.Нурабуллаев) ва «Еркин Қарақалпақстан» ҳамда «Вести Каракалпакстана» газеталари тахририятига (Қ.Байниязов) мазкур қарорни белгиланган тартибда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, мақолалар чоп этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш тавсия этилганлигиӊ;

– Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилганлиги ижро ва маълумот учун қабул қилинсин.

  1. Кегейли тумани ҳокимининг 2020 йил 18 августдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 14 августдаги 217-сонли қарори ҳақида»ги 310-08-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  2. Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси Кегейли тумани бўйича муҳири (К.Жиемуратов)га, «Кегейли турмысы» газетаси таҳририяти (Е.Мухамбетов)га мазкур қарорни белгиланган тартибда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, мақолалар чоп этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш тавсия этилсин.
  3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Кегейли тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Ещановга, Кегейли тумани ҳокимининг  ўринбосарлари А.Аманбаев, А.Отемуратов ва Қ.Есенбековлар зиммаларига юклатилсин.

 

 

Кегейли тумани ҳокими:                                                          Д.Утемуратов

 

05.03.2021 17:19:47 227