АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ — КЕЛАЖАК САРИ ЯНГИ ҚАДАМ

25.05.2021 07:53:46 187 Баспаға шығарыў

Мамлакат фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар ҳар қандай давлат миллий статистикасининг муҳим қисми саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади. Улар нафақат республика, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилади.

БМТ дунё мамлакатларига фуқаролар билан юзага келадиган бир қатор ижтимоий муаммоларнинг ечими ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг демографик кўрсаткичлар билан мутаносиб равишда ўсиб боришини таъминлаш учун ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади. Афсуски, юртимизда мустақилликдан сўнг кенг кўламда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Шу боис, мамлакатимизда илк бор 2023 йилда ўтказилиши кўзда тутилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мамлакатимизда синов тариқасида жорий йилдан бошланган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2023 йилда ўтказиладиган рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Мазкур амалиёт услубий, техник ва ташкилий масалаларни қайта кўриб чиқиш имконини бергани боис, унда қанча кўп респондентлар (аҳоли) қатнашса, шунча кўп камчиликларни аниқлаш ва тузатишга шароит туғилади ва республика даражасида бўладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг сифатли ва самарали ўтказилиши таъминланади.

Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орқали нафақат ўзимиз, балки келажак авлод учун муҳим маълумотларни тўплашга эришамиз. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белгилаш билан бирга, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ҳамда дастурларини тузишда кенг қўлланилади. Кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қўвватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда фойдаланилади.

Рўйхатга олиш натижасида шакллантириладиган мамлакатдаги иш берувчилар ҳақидаги маълумотлар хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга йўл очади. Бизнес вакиллари рўйхатга олиш маълумотлари орқали меҳнат ҳамда истеъмол бозорининг ҳолатини баҳолаш, талаб ва таклифлар эҳтиёжини аниқлаш имконига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

 

М.Бекмуратов,

Кегейели тумани статистика бўлими раҳбари.

25.05.2021 07:53:46 188