Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – муҳим вазифа

24.04.2020 11:02:34 581 Баспаға шығарыў

 

Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб,
иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш
эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг
ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар
муҳофаза этилишини кафолатлайди.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 53-моддасидан.)

 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий туб ўзгаришлар жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий сиёсатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қатъий белгиланган.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси шаклланди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар билан тартибга солинмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш қоидалари ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бу қоидалар истеъмолчиларнинг маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва турли хизматлар кўрсатадиган ижрочилар билан кенг кўламли ўзаро муносабатларини ўз ичига олган.

Мамлакатимиз фуқаролари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга биноан товар (иш, хизмат), ишлаб чиқарувчи (сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар, иш ёки хизматни эркин танлаш ҳамда унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 23-моддасига мувофиқ, давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, судлар таъминлайди.

Истеъмол муносабатларида истеъмолчи ҳуқуқий жиҳатдан энг заиф томон ҳисобланади. Истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаганда, айрим муаммолар юзага келади. Буларнинг барчаси муайян ваколатларга эга давлат органлари, шунингдек, жамоат тузилмаларининг иштирокисиз истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш кутилган натижаларни бермаслигидан далолатдир.

Истеъмолчи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда нима қилиши керак? Авваламбор, ҳуқуқлар бузилган ҳолларда зудлик билан оғзаки ёки ёзма равишда корхонанинг мансабдор шахсига эътироз билан мурожаат қилиш лозим. Масалан, секция, бўлим мудири, дўкон директори, таъмирлаш устахонаси, хизмат кўрсатувчи корхона раҳбарига. Кўпинча истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини қайта тиклаши учун ушбу чораларнинг ўзи кифоя қилади.

Истеъмолчи ҳуқуқлари қайта тикланмаса, у истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган ваколатли давлат тузилмалари, маҳаллий ҳокимият органлари ёки бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини қайта тикланишини сўраб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ҳам мурожаат қилиши мумкин.

 

Кегейли туман адлия бўлими бошлиғи: С.Асанов

24.04.2020 11:02:34 582